АСОСИЙ ВОСИТАЛАРНИ ҚАЙТА БАҲОЛАШ ҲАҚИДА…

– Асосий воситаларни қайта баҳолашнинг қандай усуллари мавжуд? Қандай операциялар асосий воситаларни дастлабки қийматини ўзгартиришга олиб келиши мумкин ва қандай асосий воситалар қайта баҳоланиши керак? Мисол учун корхона балансидаги асосий воситаларни қайта баҳолаш қандай амалга оширилади?

– Асосий воситаларнинг дастлабки қийматини ўзгартиришга олиб келадиган операцияларга қуйидагилар киради:

Биринчи: Қайта баҳолаш (қўшимча баҳолаш, арзонлаштириш).

Иккинчи: Қўшимча қуриш қўшимча жиҳозлаш.

Учинчи: Реконструкция, модернизациялаш;

Тўртинчи: Қисман тугатиш.

Қуйидаги асосий воситалар қайта баҳоланади:

  • Корхонага мулк, хўжалик юритиш, оператив бошқариш ва молиявий ижара (лизинг) ҳуқуқларида тегишли бўлган АВ, уларнинг техник ҳолатидан қатъи назар;
  • ишлаб турган,фойдаланилмайдиган ва консервацияланган объектлар;
  • ҳисобдан чиқаришга тайёрланган,бироқ тегишли далолатномалар билан белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган асосий воситалар;
  • Қурулиши тугалланмаган объектлар ва ўрнатиш учун мўлжалланган ускуналар.

Асосий воситаларнинг (АВ) дастлабки қиймати инфляцияни ҳисобга олган ҳолда – муайян даврда уларнинг реал қийматини белгилаш учун вақти-вақти билан қайта баҳоланиши мумкин. Бошланғич қиймат қайта баҳолангандан кейинги қиймат тиклаш қиймати деб аталади.

Қайта баҳолаш республика ҳукумати ёки мол-мулк мулкдорлари (корхона таъсисчилари)нинг қарорига асосан ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2099- сонли Қарорининг 6-бандига кўра, 2014 йил 1 январдан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналар уч йилда бир марта асосий воситаларни мажбурий қайта баҳолайди. Барча қолган корхоналар асосий воситаларини ҳар йили қайта баҳолашлари керак.

Асосий фондларни қайта баҳолаш ўтказилганда 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (АВ томонидан 04.12.2002 йилда 1192­-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилишлари керак. Бундай қайта баҳолаш объектларнинг аввалги қайта баҳолаш натижасида олинган бошланғич (тиклаш) қийматларидан, йил мобайнида келиб тушган объектлар бўйича эса – улар ҳисобга қабул қилинган қийматдан келиб чиқиб амалга оширилади.

(Адлия вазирлигидан 04.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 1192-сон Низомда асосий воситалар қийматини қайта ҳисоблашнинг икки усули назарда тутилган.

Асосий воситалар қийматини тўғридан-тўғри қайта баҳолаш усули аниқроқ, чунки уларнинг жорий қиймати тўғрисидаги ахборотга асосланади.

Жорий қиймат – муайян санадаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича асосий воситаларнинг қиймати ёки хабардор қилинган, битимни амалга оширишни хоҳловчи, мустақил тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлган сумма.

Қуйида кўрсатилган маълумотлар бозор нархини тасдиқловчи ҳужжат сифатида кўрилиши мумкин:

► баҳолаш ташкилотининг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи;

► ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ва уларнинг расмий дилерлари, товар хом-ашё биржалари, кўчмас мулк биржаларидан ёзма шаклда олинган, худди шундай маҳсулотга бўлган нархлар (прайслар, нарх бюллетенлари);

► қайта баҳолашни ўтказиш санаси ва объектни харид қилиш санасида МБ курслари нисбати сифатида аниқланадиган ҳисоб-китоб коэффициентини қўллаган ҳолда харид қилиш санасида ЭАВда асосий фондлар қиймати (тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда);

► тегишли давлат органларида мавжуд бўлган нархлар даражаси;

► қайта баҳолашни ўтказиш даврида ОАВ ва махсус адабиётларда чоп этилган нархлар даражаси.

Асосий воситаларни бевосита қайта ҳисоблаш усули билан қайта баҳолаш чоғида эскириш суммаси қайта баҳолашдан кейинги тикланиш қийматининг қайта баҳолашгача бўлган қийматга нисбати билан ҳисоблаб чиқариладиган қайта ҳисоблаш коэффициенти бўйича индексланиши керак.

Асосий фондларни қайта баҳолашнинг индекс усули статистика органлари томонидан 31 декабрга келиб тайёрланган ва расман республика ОАВда чоп этилган индекслардан фойдаланишни тақозо этади. Асосий воситалар ушбу усул билан қайта баҳоланганда уларнинг бухгалтерия ҳисобида қайта баҳолашни ўтказиш санасидаги ҳолат бўйича қайд этилган эскириш суммаси (шу жумладан эскириш тўлиқ ҳисоблаб ёзилган объектлар бўйича) тегишли индексларга кўпайтирилади.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар индекс усулини қўллаганда охирги қайта баҳолашдан кейин келган барча йиллар учун АВ қийматини ўзгартириш индексларини ҳисобга оладилар (24.04.2014 йилдаги 1192-3-сон қарор). Яъни агар қайта баҳолаш 2017 йил 1 январдаги ҳолат бўйича амалга оширилса, охирги қайта баҳолашдан кейин келган йиллар (2017 – 2019 йиллар) учун қайта баҳолаш индексларини ҳисобга олиш лозим.

Корхоналар асосий фондларни қайта баҳолаш усулини мустақил танлашлари ва уни ўзлари амалга оширишлари ёки бунга қонун ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган экспертларни жалб этишлари мумкин.

Қудратилла ИСЛОМОВ,
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги
Малака ошириш маркази ўқитувчиси


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.