БОЗОРДА ОЙ ДАВОМИДА 1-2 КУН САВДО ҚИЛУВЧИЛАРНИ СОЛИҚҚА ТОРТИШ МЕХАНИЗМИ

– 2020 йилдан эътиборан бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш фаолиятини амалга оширувчилардан (олибсотарлар) маълумотнома талаб этилмайди, улар ЯТТ сифатида қатъий солиқ тўлаш тизимига ўтказилади, лекин бозорда ой давомида 1-2 кун савдони амалга оширувчиларни солиққа тортиш механизми қандай тартибда бўлади?

– Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари”нинг 48-бандида деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш жисмоний шахслар – деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари, боғбонлар ва полизчилар, юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан – жиҳозланган савдо ўринларида, бир марталик йиғимни мажбурий тўлаган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда бозорларда юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш натижасида олинган товарларни турғун савдо шохобчалари орқали, бозор маъмурияти билан ижара шартномаси шартларида, фискал хотирали назорат-касса машиналарини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналарини ёки виртуал кассаларни ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминалларини мажбурий қўллаган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул тушумини топширган ҳолда сотишга рухсат этилиши белгиланган.

Шунга кўра:

1. Жисмоний шахслар ўзининг уй хўжалигида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган қишлоқ хўжалиги махсулотларини деҳқон бозорларида сотганда фақатгина кунлик бир марталик йиғимни тўлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813- сонли Фармонига асосан, жисмоний шахсларнинг уй хўжалиги шароитида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда, саноатда қайта ишлашдан ташқари, сотишдан, шунингдек, ҳайвонларни тирик ёки уларни сўйиб сотишдан оладиган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинишида, реализация қилинган маҳсулот жисмоний шахс ёки унинг оила аъзоларига ажратилган томорқа ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш тартиби бекор қилинган.

Шунингдек, 2020 йилдан амалиётга жорий қилинган Солиқ кодексининг 378-моддасида, жисмоний шахсларнинг уй хўжалигида, шу жумладан деҳқон хўжалигида етиштирилган ҳайвонларни (қорамоллар, паррандалар, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар ва ҳоказоларни) тирик ҳолда ҳамда уларни сўйиб маҳсулотларини хом ёки қайта ишланган ҳолда сотишдан (бундан саноатда қайта ишлаш мустасно) чорвачилик, асаларичилик ва деҳқончилик маҳсулотларини табиий ва қайта ишланган ҳолда сотишдан (бундан манзарали боғдорчилик (гулчилик) маҳсулотлари мустасно) олинадиган даромадларига солиқ солинмаслиги белгилаб қўйилган.

2. Агар жисмоний шахс қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиб-сотиш билан шуғулланадиган бўлса, улар давлат хизматлари маркази орқали “Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш” фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши ва белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаши лозим.

Бунда, якка тартибдаги тадбиркор жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қатъий белгиланган миқдорда тўлашни ёки жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида тўлашни танлашга ҳақли.

Солиқ тўлаш тартиби қуйидагича танланади:

1) тадбиркорлик субъектининг давлат рўйхатидан ўтказилиши чоғида ўзи хоҳлаган солиқ тўлаш тартибини кўрсатиши;

2) доимий яшаш жойи бўйича солиқ органларига жорий йилнинг 25 январидан кечиктирмасдан танланган солиқ тўлаш тартиби тўғрисида билдириш хати тақдим этиши.

Амалдаги қонунчиликка биноан, агар солиқ тўловчи томонидан билдириш хатининг белгиланган муддатда тақдим этилмаса, унинг солиқни қатъий белгиланган миқдорда тўлашга розилигини билдиради.

Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар 2020 йилдан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммаларини ҳар ойда қуйидаги миқдорларда тўлайди.

Якка тартибдаги тадбиркор жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида тўлаш тартибини танласа, доимий яшаш жойи бўйича солиқ органларига жорий йилнинг 25 январидан кечиктирмасдан танлаган солиқ тўлаш тартиби тўғрисида билдиришнома тақдим этиши ва деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдоси фаолиятидан олган даромадидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини декларация асосида тўлаши лозим бўлади.

Солиқ кодексининг 397-моддасига мувофиқ жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқни тўлайдиган жисмоний шахслар – жорий йилнинг 1 февралидан кечиктирмай, янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари – тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган ойнинг охирига қадар дастлабки декларацияни тақдим этишлари шарт.

Солиқ кодексининг 359-моддасига мувофиқ, савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларида солиқ солинадиган даромадларнинг ҳамда амалга оширилган товар операцияларининг ҳисобини юритиши шарт.

Солиқ солинадиган даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрларидир чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ солинадиган даромадларини ва товар операцияларини ҳисобга олиш китоби ҳамда, товар чеклари китобидан иборат бўлиб, солиқ солинадиган даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари якка тартибдаги тадбиркорнинг аризаси асосида якка тартибдаги тадбиркор солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органлари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлайдиган солиқ тўловчилар даромадларни олиш билан боғлиқ бўлган даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиши шарт ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳақиқатда амалга оширилган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган харажатларни даромаддан чегириб ташлаш ҳуқуқига эга.

Мазкур ҳисоб-китоблар асосида аниқланган даромадлар бўйича дастлабки, декларация жорий йилнинг 1 февралидан кечиктирмай. Янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари – тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган ойнинг охирига қадар дастлабки давлат солиқ органларига тақдим этади. Декларация асосида ҳисоблаб чиқилган солиқ даромад олинган ойдан кейинги ойнинг ўн бешинчи кунигача ҳар ойда тўланади.

Солиқ кодексининг 397-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчилар даромадлар бўйича жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни, доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1-апрелидан кечиктирмай тақдим этадилар ва жами йиллик даромад тўғрисидаги декларациянинг маълумотларига кўра ҳисоблаб чиқарилган солиқни ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1-июнидан кечиктирмай тўлайдилар.

Бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар бозор маъмурияти билан йиллик ижара асосида ёки кунлик (бир неча кун ишлаган тақдирда) ижара асосида фаолият кўрсатади. Шунга кўра якка тартибдаги тадбиркор деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо фаолияти учун белгиланган даромад солиғидан ташқари, бозорда йил давомида савдо қилса, бозор маъмуриятига йиллик ижара ҳақини, кунлик савдо қилувчи якка тартибдаги тадбиркорлар эса бир марталик йиғимни тўлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5813- сонли Фармони ижросини таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон “Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Қарорнинг 4-иловасига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 13 январдаги тегишли қарорларига асосан:

  • “Arca Group” МЧЖга тегишли “PAX A­930” (версияси­1.0) маркали онлайн назорат­касса машинаси;
  • My Air Group It Servise” МЧЖга тегишли “UZKASSA №5” (версияси­ Smartpos v1.07) маркали онлайн назорат­касса машинаси;
  • Smart One Club” МЧЖга тегишли “UzSmartBank” (версияси SmartOne V.1.0.84) маркали онлайн назорат­касса машинаси;
  • Янги технологиялар” илмий ахборот маркази ДУК томонидан ишлаб чиқилган “Виртуал касса” (версияси v/2.0.2) дастурий маҳсулоти Давлат реестрига киритилди.

Шунингдек, қарорнинг 3-иловасига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитасининг 2020 йил 13 январдаги тегишли қарорлари билан “Arca Group”, “Special Texno Soft” ва “Smart One Club” МЧЖлари онлайн назорат-касса машиналари, виртуал касса ва фискал модулга техник хизмат кўрсатиш марказларининг Давлат реестрига киритилди.

Ушбу маълумотлар Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтига (soliq.uz/ page/onlayn-nkm) жойлаштирилган ва доимий янгилаб борилади.

Тадбиркорлик субъектлари “Arca Group”, “Special Texno Soft” ва “Smart One Club” МЧЖларидан ихтиёрий биттаси билан боғланиб, техник хизмат кўрсатиш хизматини кўрсатиш юзасидан қонунчиликка мувофиқ шартнома тузилган ҳолда онлайн назорат-касса машинасини харид қилиши мумкин.

Юқорида қайд этилган Фармон ва қарор талаблари асосида, тасдиқланган графикда белгиланган жорий йил январь ойида алкоголь, тамаки, дори воситалари, автомобилларга бензин, дизель ва газ сотиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалардан фойдаланишга тўлиқ ўтказиш чоралари кўрилади.

Қудратилла ИСЛОМОВ,
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги
Малака ошириш маркази ўқитувчиси


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.