СЎРАНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ! №6

Янги Солиқ кодексининг амалга жорий этилиши сабабли тадбиркорларда солиқчилик тизими билан боғлиқ турли саволлар юзага келмоқда. Таҳририятимизга ҳам республикамизнинг турли ҳудудларидан саволлар келиб тушмоқда. Уларнинг айримларига Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчиси Қудратилла ИСЛОМОВ жавоб берди.

❓– Сайёр текшириш ўтказиш деганда қандай текширишлар тушинулади? Бунга қисқа муддатли текширишлар ва муқобил текширишлар ҳам кирадими?

✅– Солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажарилишини текшириш сайёр солиқ текширувидир. Сайёр солиқ текширувларини ўтказиш чоғида солиқ органлари профилактика тадбирларини ва хронометраж кузатувларини амалга оширишга, назорат-касса техникаси ва тўлов терминаллари қўлланилишини текширишга ва солиқ назоратининг бошқа тадбирларини ўтказишга ҳақли.


❓– Тижорат ва имзоли бонус тўловчилар бўйича Солиқ кодексидаги ўзгаришлар нималардан иборат?

✅– Бир марталик хусусиятдаги махсус тўловлар бўлган ер қаъридан фойдаланувчилар учун бонуслар (имзоли бонус ва тижоратбоп бонус) Солиқ кодексидан “Ер қаъри тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўтказилади.


❓– “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сонли Фармонга асосан пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишлари белгиланган. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 461-моддасида пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчиларга айланмадан олинадиган солиқ татбиқ этилмаслиги белгиланмаган. Суғориладиган ер майдони 50 гектар ва жами даромади 1 млрд. сўмдан ошмаса, пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар ягона солиқ турини тўлашга ўтадими?

✅ – 2020 йил 1 январдан бошлаб ягона ер солиғи бекор қилинди. Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари умумбелгиланган солиқларни ёки айланмадан олинадиган солиқни (агар 2019 йил якуни бўйича жами даромади 1 млрд. сўмдан ва суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдони 50 гектардан кам бўлса) тўлашга ўтказилади.

2019 йилда ягона ер солиғи ва жами даромади 1 млрд. сўмдан ошганлиги ёки суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари майдони 50 гектардан кўп бўлганлиги ёхуд пахта хом-ашёси етиштирганлиги муносабати билан ҚҚС тўловчиси бўлган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚС, фойда солиғи ва юридик шахслар учун назарда тутилган бошқа солиқларни тўлайдилар.

Шу билан бирга, ягона ер солиғи тўловчилари бўлган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтганлар, агар уларда 2019 йил якуни билан жами даромадлари 1 млрд. сўмлик чегаравий миқдордан ёки суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари майдони 50 гектардан ошмаган бўлса, 2020 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқни ёки ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишга ҳақли.

ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчи бу ҳақда 2020 йил 1 февралга қадар солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига, шу жумладан, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали белгиланган шаклда хабарнома тақдим этиши лозим.

Солиқ тўловчи томонидан белгиланган муддатда хабарнома тақдим этилмаганлиги унинг айланмадан олинадиган солиқни тўлашга розилигини билдиради.


❓– Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 239-моддасида, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган товарларни (хизматларни) бепул бериш товарлар (хизматлар) реализацияси бўйича айланма маблағ (оборот) деб ҳисобланмаслиги ва ҚҚСга тортилмаслиги белгиланган. Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган товарлар (хизматларни) дейилганда қандай товарлар ва хизматлар тушунилади?

✅– Товарни реализация қилишдан фарқ қилувчи ҳар қандай фаолият, шу жумладан қуйидагилар хизматларни реализация қилиш бўйича айланма деб эътироф этилади:

  1. пуллик асосда хизматлар кўрсатиш;
  2. бепул хизматлар кўрсатиш, шу жумладан мол-мулкни солиқ тўловчининг бепул фойдаланиши учун бериш, бундан шундай хизматларни кўрсатиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган ҳоллар мустасно.

Товарларни бепул бериш ёки бепул хизматлар кўрсатиш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади:

  1. даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқарилган бўлса;
  2. шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;
  3. қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

❓– Электр узатиш чизиқ (линия) лари, уларнинг энергиясини қабул қилиш, айлантириш ва тарқатиш учун мўлжалланган қурилма (подстанция)лари ва иншоотлари эгаллаган ер майдонларини солиққа тортиш қайси норматив ҳужжатга асосан аниқланади?

✅– Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 429-моддасига биноан, электр узатиш линиялари, уларнинг подстанциялари ва иншоотлари эгаллаган ер майдонлари 0.1 коэффициентда солиққа тортилади.


❓– Даромад солиғи ҳисоботини топшириш муддати қачон?

✅– Даромад солиғи ҳисоботи ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай. Йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатларида топшириш талаб этилади.


❓– Солиқ тўловчиларнинг ортиқча тўлов суммалари давлат солиқ хизмати органлари томонидан қайтарилишида эски йиллардан ҳосил бўлган ортиқча тўловлар ҳам қайта тўлаб бериладими?

✅– Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 105-моддасига биноан давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг ортиқча тўлов суммалари 2020 йил 1 июлдан қайтарилади.


❓– Товарларни импорт қилиш ва уларнинг чакана савдоси билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар қандай солиқларни тўлайди?

✅– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сонли Фармонига кўра, товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушган тушум миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан эътиборан, кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт.


❓– 2020 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари мол-мулк солиғи ва ер солиғи ҳисоб-китобларини тақдим этиши шартми?

✅– 2020 йилдан бошлаб, пахта етиштирувчи ёки 50 гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонларига эга бўлган фермер хўжаликлари умумбелгиланган солиқларни тўлашга, ер майдонлари 50 гектар суғориладиган майдондан кам бўлган фермер хўжаликлари белгиланган муддатларда айланмадан солиқ, мулк (агар биноси бўлса балансида), ер ва сув солиқларини тўловчи ҳисобланади.


❓– Фермер хўжалигимиз сувли майдони 50 гектардан ортиқ айланма маблағимиз 1 миллиарддан кам. Қўшилган қиймат солиғига ўтамизми? Янги Солиқ кодексидан тополмадик. Илтимос, шу ҳақида маълумот берсангиз.

✅– Солиқ кодексининг 237-моддасида, юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчилар деб кўрсатиб ўтилган. Фермер хўжалиги ҳам – юридик шахс! Солиқ кодексининг 461-моддасида, юридик шахслар қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар, агар 50 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган экин майдони бўлса, айланмадан солиқ тўловчи бўлмаслиги келтирилган. Шундан келиб чиқиб, 50 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган ер майдонларига эга фермер хўжаликлари қўшилган қиймат солиғи, (фойда-0 ставка, яъни тўламайди), ер, мулк ва сув солиқларини тўловчи ҳисобланади.


❓– Фермер хўжалиги ҳам мулк, ҳам сув солиғи тўлайдими? Биз каналдан сув оламиз. Шартнома “водоканал” билан.

✅– 2020 йилдан бошлаб Фермер хўжалиги бино ва иншоотининг қолдиқ қийматидан 2 фоиз миқдорида мулк солиғи, экинни суғориш учун фойдаланилган сув учун сув солиғи тўлайди. Солиқ кодексининг 414-моддасига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва сақлаш учун фойдаланиладиган мол-мулкдан солиқ тўланмаслиги шаклида имтиёз берилган.


❓– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мусодара қилинган мол-мулклар реализация қилинганда қўшилган қиймат солиғини солиқ солиш базаси қандай тартибда аниқланади?

✅– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мусодара қилинган мол-мулк, суднинг қарорига биноан реализация қилинадиган мол-мулк, эгасиз қимматликлар, хазиналар ва сотиб олинган қимматликлар, шунингдек мерос олиш ҳуқуқи асосида давлатга ўтказилган қимматликлар реализация қилинган тақдирда, қўшилган қиймат солиғини солиқ базаси ушбу мол-мулкни (қимматликларни) акциз солиғини (акциз тўланадиган товарлар учун) ва солиқни ҳисобга олган ҳолда реализация қилишдан олинган даромад суммаси сифатида солиқ агенти томонидан аниқланади. Бундай ҳолларда ушбу мол-мулкни реализация қилишни амалга оширишга ваколатли бўлган орган, ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор солиқ агенти деб эътироф этилади (“Солиқ кодекси” 256-моддаси).


❓– Умумий белгиланган солиқни тўлайдиган компания қандай ҳолларда қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ солинадиган базани тузатишга ҳақли?

✅– Солиқ солинадиган база солиқ тўловчи томонидан қуйидаги ҳолларда тузатилади:

  1. товарларнинг тўлиқ ёки қисман қайтарилиши;
  2. кўрсатилган хизматлардан воз кечиш;
  3. битим шартлари, шу жумладан жўнатилган товарлар, кўрсатилган хизматлар нархлари ва (ёки) миқдори (ҳажми) ўзгариши;
  4. товарлар (хизматлар) сотувчиси томонидан чегирмалар тақдим этилиши.

Ушбу бандда назарда тутилган тузатиш, агар шартнома шартларида ёки солиқ тўловчининг нарх (тариф) сиёсатида чегирмалар бериш шартлари назарда тутилган бўлса, илгари етказиб берилган товарлар (хизматлар) учун солиқ солинадиган базани камайтиради. Бундай шартлар харидор томонидан товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича шартноманинг муайян шартларини бажариши, шу жумладан маълум миқдордаги товарларни (хизматларни) сотиб олиш ва муддатидан олдин тўлашни ўз ичига олиши мумкин.

Солиқ солинадиган база уни бир йил ичида камайтириш ёки кўпайтириш йўналиши бўйича, шунингдек, кафолат муддати белгиланган товарлар (хизматлар) учун кафолат муддати давомида тузатилади (Солиқ кодексининг 257-моддаси).


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.