СУ СИАОХАН: “ТЎСИҚЛАР – КОМПАНИЯНИНГ ЕТАРЛИ БИЛИМГА ЭГА ЭМАСЛИГИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИ”

“Nasen Invest” фирмаси Хитойда кўзга кўринган ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Фирма корхоналар, завод-фабрикалар учун катта ҳажмдаги совутгичларни ишлаб чиқаради ва сотади. Фирма яқин йилларда Ўзбекистон бозорига ҳам кириб келди.

Шунингдек, инвестиция киритиб, мамлакатда совутгичларнинг маълум қисмини ишлаб чиқариш учун завод қуришмоқда. Қуйида “Nasen Invest”нинг Ўзбекистондаги вакили Су Сиаохан билан қисқача суҳбатни эълон қиляпмиз.

– Ўзбекистонда иш бошлаганингизга қанча вақт бўлди?

– Ўзбекистонга келганимизга 1 йилдан ошди. 2018 йилнинг охирида келгандик.

– Иш юритишда қийинчиликлар бўлмаяптими?

– Очиғини айтганда, компаниямиз фаолиятининг дастлабки босқичида кўплаб қийинчиликларга дуч келдик. Компаниямиз 2018 йил Ўзбекистонга кириб келган бўлса, 2019 йилнинг биринчи чорагидаги натижалар қониқарли эмас. Бу фаолиятнинг эрта босқичдаги брендни тарғиб қилишга боғлиқ бўлган қийинчиликлар ва лойиҳамизнинг қурилиш даври секин кечганлиги билан боғлиқ эди. Бироқ Ўзбекистон ҳукуматининг Хитой компанияларига бўлган дўстона муносабати ва ёрдамига кўра ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан бозорни ўрганишимиз учун бир қатор савдо стратегияларини ишлаб чиқдик ва амалда татбиқ этдик. Ва бизнесимизни йўлга қўя олдик. Компаниямизнинг ўтган йилдаги фаолияти умуман олганда қониқарли эди. 2020 йилнинг январь ойи тугамасиданоқ, яъни 20 кун ичида биз бир нечта яхши лойиҳаларни амалга ошира олдик.

– Инвесторлар учун Ўзбекистонда қандай тўсиқлар мавжуд, айта оласизми?

– Инвестор учун Ўзбекистондаги тўсиқлар, биринчидан Ўзбекистон қонунларини яхши билмаслигимиз, иккинчидан, бозорни етарли даражада кенг қамровли ўрганмаганимизда.

Мисол учун, бизникилар бозорни яхши ўрганмасидан кўр­кўрона келиб инвестиция киритишади. Балки ўзбекистонликлар ёки олдин келган хитойликлар бу соҳани яхши эгаллаб олган бўлишлари мумкин. Умуман олганда, тўсиқлар – компаниянинг етарли билимга эга эмаслигидан келиб чиқади. Аммо бу мамлакатда бизнес юритиш учун давлат томонидан имкониятлар берилган, берилмоқда.

– Сизнинг фирмангиз ишлаб чиқараётган маҳсулот фақат мамлакат ичкарисида сотиладими ёки четга экспорт ҳам қилинмоқдами?

– “Nasen Invest” компанияси Хитойда 20 дан ортиқ провинцияда идораларини очган ва 200 дан ортиқ марказий кондиционер сотиш дўконларини очган. Хорижий бозорда эса ҳозирда Ўзбекистон, Покистон, Қозоғистон, Жанубий Америка, Африка ва бошқа минтақаларни қамраб олади, яқинда Европада ҳам кўргазма дўконларимиз очилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни режалаштираётган фанкойилларга келсак, келажакда бу маҳсулотимизни Дубай ва МДҲ мамлакатларига экспорт қилиш режамиз бор.

– Яқинда мамлакатда янги Солиқ кодекси ишлаб чиқилди. ҚҚС жорий этилиши ишлаб чиқаришингизга салбий таъсир этмайдими?

– Ишлаб чиқаришимизга таъсир қилмайди, фақат мижозларимизга таъсир қилмасдан қолмайди. Чунки биз мижозга сотаётганимизда солиқ ҳақида тушунча бериб ўтамиз.

– Хитойда коронавирус тарқалган, Аллоҳ шифосини берсин, деймиз. Бу касалликка қарши шифо тезроқ топилишини истаймиз. Хитойда қариндошларингиз билан мобиль алоқада бўлиб турибсизми? Ваҳимага тушишмаганми улар?

– Ваҳимага тушишган. Онам тиббиёт ходими бўлиб ишлайди. Бу борада унга хавф янада катта. Қолаверса, мамлакатга келган бу вабога у энг олдинги сафда курашмоқда. Эпидемиядан кейин янгиликларни кузатиб, оилам билан алоқада бўлдим. Ҳозирги вақтда Хитойнинг энг профессионал тиббий гуруҳи вирус тарқалган Ухань шаҳрига юборилган ва яқинда у ерда Хиаотангшан касалхонаси қуриб битказилади. Бош вазир якка тартибда эпидемия тарқалган зонага борди. Халқ ҳукуматга ва шифокорларга ишонишади ва эпидемиянинг тугаши учун қўлларидан келганча максимал даражада ҳаракат қилишяпти.

– Хитойдан сайёҳлар келишмоқда, хитойликлар Ўзбекистоннинг қайси шаҳарлари, жойларини томоша қилишни яхши кўришади? Ўзингиз­чи, қайси шаҳарларни бориб кўришни маъқул кўрасиз?

– Ўзбекистон бой тарихий ва маданий меросга эга мамлакат. Хитойлик сайёҳлар муқаррар равишда учта қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига боради. Шахсан мен Бухорони афзал кўраман, Бухорода кучли тарихий муҳит ва оддий халқ урф­одатлари мавжуд. Бир неча марта ўзгартирилган савдо­сотиққа мўлжалланган манзаралардан кўра, мен ушбу қадимий шаҳарда тарих ва маданиятнинг кучини кўпроқ ҳис қила оламан.

– Ўзбекистон таомлари сизга ёқадими?

– Ўзбек таомларини тановул қилавериб, бу ернинг овқатланиш маданиятини ҳам ўзлаштириб олдим. Биз тушликда кўпинча ҳамкасбларимиз билан палов ва сомса еймиз. Бу таомлар менга жуда ёқади.

Мурод ЧОВУШ
суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.