ХЕДЖИРЛАШ – СОЛИҚ ТИЗИМИДА ҚАНДАЙ ҚЎЛЛАНИЛАДИ?

Хеджир – бу инглиз тилидaн олинган сўз бўлиб ҳимоялаш (суғурталаш) маъносини англатади. Хеджирлаш нархнинг ўзгаришлари билан ўзгармайдиган натижа олиш имконини берадиган восита бўлиб, валюталар курсининг ўзгаришидаги хатарлардан қутулиш имконини беради.

Масалан, хорижий валютани импорт қилувчи мижоз (трейдер) ўз ҳисоб-варағида валютани сотиб олиш учун олдиндан битим тузиб, мазкур валютани ўз банкидан реал харид қилиш учун вақт келганда эса (хорижий валютани курси ошганда) у бу позицияни ёпиб қўяди. Ўз навбатида хорижий валютани экспорт қилувчи сотувчи (трейдер) эса ўз ҳисоб-варағида олдиндан валютани сотиш бўйича битимни очиб қўяди ва мазкур валютани ўз банкида реал сотиш вақти келганда (хорижий валютанинг курси тушганда) у бу позицияни ёпади.

Демак, хеджирлаш ўзида валюталар курсининг ноқулай ўзгаришидан мижознинг маблағларини ҳимоя қилишни ифодалаб, унинг моҳияти бўйича бевосита боғлиқ воситанинг нархига ноқулай бозор факторлари билан боғлиқ хатарларни камайтириш учун битта воситадан фойдаланиш тушунилади.

Кўп ҳолларда хеджирлаш асосида валюта курслари, активлар ва улар нархларининг ўзгариши хатарларидан суғурталаш назарда тутилади ва унга бозорда нарх ҳаракатлари билан боғлиқ хатарларни камайтириш мақсадида қилинадиган ва сарфланган маблағлар, деб ҳам қаралади. Демак, хеджирлашнинг қиймати ундан воз кечилганда мумкин бўлган зарарларни ҳисобга олинишидаги баҳолар билан баҳоланади.

Валюта бозорида хеджирлашнинг бир неча турлари мавжуд. У асосан товар нархининг ўсиш эҳтимоли бўлган хатарни камайтириш мақсадида, харидор маблағларини хеджирлаш ва аксинча товар нархининг пасайишини олдини олиш билан боғлиқ хатарларни камайтриш учун сотувчи маблағларини хеджирлаш турларига ажратилади.

ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИДА ХЕДЖИРЛАШНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ?

Солиқ кодекси билан солиқ қонунчилигига 2020 йилдан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, солиқ солиш мақсадларида (51-модда) хеджирлаш операциялари деганда, солиқ тўловчи учун нохуш оқибатларни (тўлиқ ёки қисман) камайтириш (компенсация қилиш) мақсадида муддатли битимларнинг молиявий воситалари (шу жумладан ҳар хил турлар) билан амалга ошириладиган операциялар (операциялар мажмуи) тушунилиши таъкидланган.

Ушбу нохуш оқибатлар жумласига зарар кўриш, тушумнинг ёки фойданинг камайиши, мол-мулк бозор қийматининг камайиши, нарх, фоиз ставкасининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига нисбатан чет эл валютаси курсининг ёки хеджирлаш объекти (объектлари) бошқа кўрсаткичининг (кўрсаткичлари мажмуининг) ўзгариши оқибатида солиқ тўловчининг мажбуриятлари кўпайишини киритиш мумкин.

Солиқни ҳисоблаш мақсадида, солиқ тўловчининг мол-мулки, мулкий ҳуқуқлари ва унинг хеджирлаш операциясини амалга ошириш санасида бажарилиш муддати етиб келмаган мажбуриятлари хеджирлаш объектлари ҳисобланади.

Шунингдек, амалга оширилиши (бажарилиши) тарафнинг шартнома бўйича талаб қўйиши билан боғлиқ бўлган ҳамда уларга нисбатан солиқ тўловчи хеджирлаш тўғрисида қарор қабул қилган талаб қилиш ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам хеджирлаш объектлари ҳисобланади.

Бунда муддатли битимлар молиявий воситаларининг хеджирлаш операцияси учун фойдаланиладиган таянч активлари хеджирлаш объектидан фарқ қилиши мумкин. Лекин хеджирлаш мақсадида ҳар хил турдаги муддатли битимнинг биттадан ортиқ молиявий воситасини, шу жумладан хеджирлаш муддати ичида битта хеджирлаш операцияси доирасида муддатли битимларнинг бир нечта молиявий воситаларини тузишга йўл қўйилади.

ХЕДЖИРЛАШ СОЛИҚ ТЎЛОВЧИГА НИМА БЕРАДИ?

Фаолияти давомида солиқ тўловчи муддатли битимларнинг молиявий воситалари билан боғлиқ алмашинувни хеджирлаш операциясига киритиши асосланганлигини тасдиқлаши лозим бўлади. Бунда у хеджирлаш операциясига доир битимни тузиш санасида солиқ тўловчининг тахминларидан келиб чиққан ҳолда ушбу жараённинг амалга оширилиши нархнинг, бозор котировкасининг, валюта курсининг ёки хеджирлаш объекти бошқа кўрсаткичининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган нохуш оқибатларни камайтириш имконини беришини тасдиқловчи маълумотнома тузишини талаб этади.

Солиқ тўловчи, агар битта хеджирлаш операцияси мақсадида муддатли битимларнинг молиявий воситалари билан боғлиқ операциялар мажмуидан фойдаланса, бундай маълумотнома ушбу битимлар мажмуининг биринчиси тузилган санада тузилади.

Солиқ солиш мақсадларида солиқ тўловчи хеджирлаш операциясини қўллашни мақсад қилса, Солиқ кодекси билан солиқ қонунчилигига жорий этилган ўзгартиришга мувофиқ, (77-модда) ўзининг ҳисоб сиёсатида буни белгилаши ва тасдиқлаши керак.

Шунингдек, Солиқ кодекси ҳамда солиқ қонунчилигига жорий этилган ўзгаришларнинг “Айрим солиқ тўловчилар ва операциялар турлари бўйича солиқ базасини аниқлаш хусусиятлари” бобида хеджирлаш операцияси бўйича солиқ базасини аниқлашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган (329-модда). Унга кўра, хеджирлаш операцияси амалга оширилганда солиқ базасини аниқлашда даромадлар (харажатлар) ҳисобга олиниши, уни ҳисоблашда хеджирлаш объекти билан боғлиқ бўлган даромадлар ва харажатлар ҳам ҳисобга олиниши қайд этилган.

● Жумладан, банклар даромадларини солиққа тортишда, банклар солиқ базасини уюшган бозорда муомалада бўлмаган ва асос активи чет эл валютасидан иборат бўлган, етказиб бериладиган муддатли битимга доир операциялар бўйича кўрилган зарарнинг суммасига камайтиришга ҳақли эканлиги;

● асос активлари фоизли ставкалардан иборат бўлган муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операцияларни амалга оширишда, бундай воситаларнинг шартларида назарда тутилган фоиз ставкаларидан келиб чиққан ҳолда, даромадларни (харажатларни) ҳисобга олиш ҳисобот (солиқ) даврининг сўнггида амалга оширилмаслиги белгиланган.

Бунда муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир тегишли операциялар бўйича даромад (харажат) деб шу жумладан, фоизли ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ва бундай операцияларга доир шартномага мувофиқ олиниши (тўланиши) лозим бўлган даромадлар (харажатлар) эътироф этилиши ва тегишли шартномада назарда тутилган тўловларнинг санаси бундай операциялар бўйича даромадларни (харажатларни) қайд этиш санаси эканлиги таъкидланган.

Содиқ БОЙМУРОТОВ,
ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази
катта ўқитувчиси


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.