“РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТ КОРРУПЦИЯГА БАРҲАМ БЕРАДИ”

Бугунги суҳбатдошимиз “Алишер Навоий” ва “Президент стипендияси” совриндори, иқтисод фанлари доктори ва айни дамда Тошкент Молия институтининг “Солиқ ва солиққа тортиш кафедраси” профессори Барногул Саноқулова. Таълим соҳасида фаолият юритаётган педагог, тадбиркор ва иқтисодчи билан ёшларни касбга йўналтириш ва иқтисодий муаммоларни бартараф этиш борасида суҳбатлашдик.

– Ўзбекистон Олий таълим тизимида сиз ўз ўрнингизни қандай баҳолайсиз? Умуман бу тизимдаги фаолиятингиз ҳақида гапирсангиз.

– Тошкент молия институтида оддий ўқитувчиман. Лекин даромадим ўқитувчиликдан эмас. Институтда ишлашимнинг сабаби, ёшлардан узоқлашиб кетмаслик. Айни вақтда бор билимимни ёшларга беришим керак, деб ҳисоблайман. Сабаби шундаки, талабалик давримда “Улуғбек” ва “Навоий” стипендияларини олиб, магистратурага имтиёзли кирганман. Магистратура босқичида “Президент стипендияси” совриндори бўлганман, унинг имтиёзи билан докторантурага имтиҳонсиз қабул қилинганман. Шу сабабли ҳам, ўзимни давлат ва таълим тизими олдида масъул деб ҳисоблайман. Қайсидир маънода, институтда дарс бериш вақтимни олиши мумкин, бироқ виждоним олдидаги қарздорлик ҳисси ўз билимимни ёшлар билан бўлишишга, уларни катта ишларга ундашга, ҳаётда ўз ўрнини топишда кўмак беришга ундайди. Мен талабаларга баҳо қўймайман, улар ўз-ўзига баҳо қўяди. Улар билан очиқ мулоқот қилиб, дарсда демократик муҳит яратаман. Улар мендан кўпинча: “Нега давлат ишида ишламайсиз?”, деб сўрашади. Уларга жавобим ҳар доим битта бўлган – “Мен бўлажак вазирларни, бошлиқларни тайёрлаяпман, бу ҳар қандай лавозимдан ҳам олийдир”. Дарс жараёнида талабалар ўқитувчи ва ўзи ўртасидаги катта жарликни ҳис қилмаслигини, фикрини эркин билдиришини хоҳлайман ва шунга интиламан. Талабаларимга мурожаат қилганимда ҳам “бўлажак вазирлар, бошлиқлар” деб гапираман. Бу уларга мотивация беради, қолиплардан йироқлаштиради. Институтдаги фаолиятим давомида бизнес ва молия йўналишида 13 та “Президент стипендияси” совриндорларини тайёрладим. Ўзбекистон Олий таълим тизимидаги ўрним ва вазифам ёшларнинг қобилиятини юзага чиқариш деб биламан.

Бундан кейин қўлимдан келганча ҳаракат қиламан. Шундагина таълим тизими олдидаги ўз “қарзим”ни узган бўламан, деб ўйлайман.

– Бир суҳбатда ёлғон иқтисодий статистика ҳақида гапиргандингиз. Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз.

– Ўзбекистонда яқин-яқинларгача статистик кўрсаткичлар кескин оширилиб кўрсатилиши, уларни ҳисобланиш методикасида мавҳумликлар, очиқ саволларнинг кўплиги ҳеч кимга сир эмас. Мазкур ҳолат юзасидан ҳатто Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган биринчи мурожаатномасида: “Статистикаларингда хатоликлар кўп”, – деб айтган эди.

Шундан сўнг йиллар давомида ўсиш кўрсаткичи 8% дан кам бўлмай келаётган ЯИМнинг ўсиш суръати 5,4% га тенглиги эълон қилинганини гувоҳи бўлган эдик. Ўртадаги 3 % дан ортиқ фарқ миллий иқтисод учун кичкина кўрсаткич эмаслигини билсак-да, бу ўзгаришнинг асл таъсир доираси деярли сезилмаган эди. Аслида статистиканинг тўғри ва аниқ юритилишидан нафақат жамият, давлат ҳам ютишини биз англаб олишимиз керак. Кўрсаткичларнинг ҳаққоний эълон қилиниши муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, оптимал ечимни топиш имкониятини кафолатлайди. Бу касал одамга нотўғри ташхис қўймаслик учун касаллик симптомларини бемор очиқ-ойдин шифокорга айтиши билан баробардир.

– Рақамли иқтисодиёт нима, бу жараён қандай кечади? Иқтисодчи сифатида Ўзбекистон бунга тайёр, деб ҳисоблайсизми?

– Рақамли иқтисодиёт жамиятнинг барча соҳасини рақамлаштириш ҳисобланади. Бироқ жамият бугун барча соҳаларни бирдек рақамлаштиришга тайёрми деган савол туғилади. Республика бўйича узлуксиз электр таъминоти муаммоси ечилмас экан, 24/7/365 режимида ишлашига эришилмас экан, рақамлаштириш тўғрисидаги гапларимиз баландпарвоз гаплардан бошқа ҳеч нарса бўлмайди. Кейинги масала аҳоли бу тадбирга қанчалик моддий ва руҳий жиҳатдан тайёрлиги, яъни аҳолининг барча қатлами бугун ўз ҳаётини реал онлайн режимида акс эттирилиши, уларга тааллуқли бўлган барча маълумотларни шаффоф бўлишига, 24/7/365 режимида назорат остига олинишига тайёрми, деган саволларга аниқ жавоб олиниши керак, деб ўйлайман. Чунки бу тизим аҳолининг маълум бир қатламига нисбатан ишлаб, ярмига нисбатан амал қилмайдиган бўлса, бу ҳолат Президентимиз қўйган мақсадларга эришиш имкониятини чеклайди. Япония мисолида оддий бир ҳолат орқали вазиятга ойдинлик киритсам. Японияда аксарият одамлар деярли ҳар куни кўча-кўйда маска тақиб юришганини гувоҳи бўлдим. Бошида қизиқиб сўраганимда, япон дўстим ҳар хил касалликларни юқтириш эҳтимолидан ҳимояланиш учун деб жавоб берди. Бироз вақтдан кейин яқин бўлиб олгач, маска тақиб юришнинг асосий сабаби “ўзини назорат қилинишига йўл қўймаслик” экан лигини ошкор қилди. Япония рақамли иқтисодиётга тўлиқ ўтган. Кўчаларида, ҳар бир бурчакда инсоннинг юзини таниб оладиган ва ҳар бир хатти-ҳаракатини назорат қиладиган боди камералар ўрнатилган. Улар мана шундай назорат остида бўлишни хоҳлашмайди. Давлат ҳам рақамли иқтисодиётга ўтишни танлаган экан, эртага жамиятдаги барча қатлам маълумотларни очиқ-ошкора бўлишига тайёр бўлиши лозим. Дейлик, мансабдор шахс 10 миллион маош олади, бироқ ҳар ойда 50 миллион харажат қилади. Кирими чиқимига мос эмас ва ҳамма маълумотлар рақамли қилиниб, очиқ кўриниб турганидан кейин, у эртага бунга қандай жавоб беради? Рақамли иқтисодиётга ўтгач, ортиқ ёлғон ишламайди, қоғозбозликдаги коррупция йўқолади. Бу тизимда ҳар бир шахсни назорат қилиш, фаолиятини мониторинг қилиш, керак бўлса йиғилиб бориладиган маълумотлар асосида унинг келгуси фаолият йўналишини башорат қилиш имкониятлари ҳам мавжуд бўлади.

Мисол учун рақамлаштириш жараёнининг оптимал йўлга қўйилишига эришсак, инсонга тааллуқли бўлган биргина СТИР (ИНН) рақами орқали инсон шахси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш имконияти яратилади. Туғилганидан бошлаб, қайси мактаб, университетда ўқиган, қайси йилларда даромад манбаи ва ҳажми қанча бўлгани, қанча солиқ тўлаб боргани, қандай мулкларни қайси йиллари қанчага олгани, оилавий аҳволи ва ҳоказо маълумотлар битта СТИР (ИНН) рақам ортида бўлиб, йиллар давомида сақланиши кафолатланади. Бу жараёнда солиқ тўлашдан қочиш имконсиз бўлади. Орттирган мол-мулки қаердан келди, у ноқонуний эмасми, Бу каби маълумотлар қоғозда қолиб кетмайди ёхуд ўзгартирилмайди. Агар иқтисодиётни рақамлаштиришга ўтказа олсак, бу нафақат бугунги жамиятга, балки келажак авлодга ҳам қилган энг катта яхшилигимиз бўлади. Рақамлаштириш бу – бугун бизни тараққиётимизга болта ураётган коррупциянинг биринчи рақамли душманидир!

– Рақамли иқтисодиётга ўтишнинг биринчи босқичида бизда қандай муаммолар бўлиши мумкин ёки ҳаммаси силлиқ амалга ошадими?

– Ҳар қандай янги тизимга ўтишда токи унга мослашгунча қийинчиликлар бўлади. Бу табиий жараён. Бошимиздан ўтказадиган биринчи қийинчилигимиз, ишсизлик муаммоси бўлиши мумкин. Айтайлик, бир ташкилотда 5 та ҳисобчи бўлса, рақамли иқтисодиётга ўтишда унинг ишини ахборот коммуникация технологияларида 1 та ҳисобчи бемалол бажара олади. Демак, иш ўрни камида 20 фоизга камаяди. Янги тизимга ўтишда давлат шуни ҳам ҳисобга олади, деб ўйлайман. Эртага бу ишсизликни қандай бартараф этиш мумкин деган саволга жавоб топиб қўйилиши лозим. Бундан ташқари, рақамли иқтисодиётга ўтишда шахснинг дахлсизлиги йўқолади. Юқорида айтганимдек, у ҳақдаги барча маълумотлар битта рақам остига бирлаштирилиши туфайли исталган пайт СТИР орқали у ҳақдаги маълумотларни билиб олиш мумкин. Европа ва Америка аллақачон буни қабул қилди. Бироқ бу коррупция аталмиш ривожланишнинг оёғига болта урадиган, жамиятни пароканда қиладиган иллатни йўқотишдек ютуқнинг олдида арзимаган нарса. Рақамли иқтисодиётга ўтиш коррупцияни йўқотади, мансабдор шахслар ноқонуний бойлик орттиришдан қўрқади ва бунга қўл урмайди. Инсонларнинг кундалик ҳаёти осонлашади, қоғозбозлик йўқолади, бу ўз-ўзидан харажатларни жуда катта даражада камайтиради. Бир кун келиб жамият рақамли иқтисодиётнинг бу жиҳатларига ҳам мослашади. Ҳеч бир янги нарсани қийинчиликсиз қуриб бўлмайди.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида камбағалликни камайтириш учун 700 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши айтилди. Иқтисодчи сифатида айтинг-чи, бу маблағ қандай усулда ёки қайси асосларга кўра йўналтирилгани маъқул?

– Шу пайтгача ҳам давлат жамиятда камбағал қатлам борлигини тан олмаган бўлса-да, бу қатлам учун турли кўринишларда маблағларни ажратиб келар эди. Булар турли хил имтиёзлар, нафақалар, ажратмалар, хайриялар кўринишида амалга оширилган. Афсуски, бу маблағлар аксарияти бир марталик бўлиб, вазиятни яхшилашга хизмат қилмади.

Энди биз ўз маҳсулотимиз билан ҳеч кимни ҳайрон қолдира олмаймиз. “Америка очиб бўлинган”, бунга кеч қолдик. Энг яхшиси, инсон ресурсига пул тикиш керак. Инсонни университетдан эмас, боғчадан бошлаб тарбиялаш лозим. Японияда боғча тарбиячисини танлашга жуда жиддий эътибор беришади. Нега десангиз, “Япония келажагини унинг қўлларига беряпмиз”, деб жавоб қайтаришади. Бизда эса иш тополмай юрган одам боғча тарбиячиси бўлади, бу келажакни мавҳумликка топширишни англатади. Авваламбор, Ўзбекистон келажагини – боғча ёшидаги болаларни креатив, билимли, ўқимишли инсонлар қўлига топширишимиз керак. Агар бугунги кунда ажратиладиган маблағ ҳам махсус ишлаб чиқилган механизмга асосан сарфланмайдиган бўлса, яна вазият ўзгаришсиз қолиш эҳтимоли юқори. Менимча, мазкур маблағлар янги, натижавийликка йўналтирилган механизмга асосланиб ишлатилиши, ҳар бир тадбир сўнгида натижалар амалий сарҳисоб қилиниши лозим. Бунинг учун эса натижавийликни сарҳисоб қилиш имконини берувчи махсус индикаторлар ишлаб чиқилиши ва қатъий назоратга олиниши лозим. Буни ижтимоий тадбиркорлик ричагидан фойдаланиш орқали ҳал этиш мумкин. Шахсан бу масалада мен камбағал бўлган 15 фоиз қатламга ажратилган маблағни қўлига “мана, ол” деб берилишига қаршиман. Бу муаммони ҳал этмасдан, аксинча янада оғирлашувига олиб келиши мумкин. Улар боқиманда, кимдир менга қилиб берсин, деб яшаган ёки бой бўлишга ҳаракат қилмаган дея олмайман. Чунки менда бу ҳақда статистика ёки факт йўқ. Бироқ берилган кредитларнинг бошқа нарсага олиниб, бошқа нарсага сарфланганлиги ёки бесамар ишлатилгани ҳақидаги ҳақиқатни биламан. Пулни оптимал сарфлашни билмаган одамга пул бериб, унга ёмонлик қиласиз ва уни бундан ҳам баттар камбағал бўлишига ҳисса қўшасиз. Менга Президентимиз томонидан айтилган 1 миллион дастурчи тайёрлаш фикри жудаям ёқди. Албатта 1 миллион дастурчини бир йилда тайёрлай олмаслигимиз мумкин, лекин иш тўғри йўлга қўйилса, 1 миллион кодерайтерни тайёрлаш имкони мавжуд. Бу касбни инглиз тилида кўпи билан 100- 200 та сўзни биладиган ишсиз қатламга ўргатиш мумкин. Бутун дунёда бу касб эгалари энг камида 1000 доллар маош олади ва ватанни тарк этмай туриб шуғулланиш имкони мавжуд. Давлат пулни камбағал одамга эмас, камбағалликни камайтира оладиган тадбиркор одамга бериши керак ва натижани аниқ индикаторлар асосида талаб қилиши лозим, деб ўйлайман.

– Ўзбекистоннинг дунё бозорига чиқишда бошқа йўллари борми, агар бор бўлса, қандай?

– Бор. Ақлни сотиш. Мисол учун, Ҳиндистон бутун дунёга IT мутахассисларини етиштириб беради. Улар ҳеч қаерга кетмайди, Ҳиндистонда ўтириб ишлашади. Лекин уларнинг ақлий меҳнати туфайли Ҳиндистон фойда кўради. Ўзбекистонда ўтириб ҳам чет элда ишлаш мумкин. Ўзбек ёшларида математик ақл кучли, бироқ ҳозир ген ухлаб ётгандек назаримда. Уни уйғотиш керак. Бундан кейин сунъий интеллект даври, кейинги эра инсон омилига инвестиция қилиш даври бўлади. Бекорга японлар болани боғча ёшидан илмга ўргатмайди. Японларнинг “Учдан кейин пуч” деган китоби бор. Бунинг маъноси шуки, болага 3 ёшдан кейин таълим ва тарбия бериш кеч бўлади дегани. Бизда “ақл ёшда эмас, бошда” деган нақлга ҳақиқат деб қаралса, улар ақлни қўл учида деб билади. Бекор ўтириб, хаёл сургандан кўра, улар қўл билан нимадир ясашни афзал билишади. Японияда ота-оналар боласига тайёр ўйинчоқ олиб бермайди, бола ўйинчоқни ўзи ясайди.

Энди биз ўз маҳсулотимиз билан ҳеч кимни ҳайрон қолдира олмаймиз. “Америка очиб бўлинган”, бунга кеч қолдик. Энг яхшиси, инсон ресурсига пул тикиш керак. Инсонни университетдан эмас, боғчадан бошлаб тарбиялаш лозим. Японияда боғча тарбиячисини танлашга жуда жиддий эътибор беришади. Нега десангиз, “Япония келажагини унинг қўлларига беряпмиз”, деб жавоб қайтаришади. Бизда эса иш тополмай юрган одам боғча тарбиячиси бўлади, бу келажакни мавҳумликка топширишни англатади. Авваламбор, Ўзбекистон келажагини – боғча ёшидаги болаларни креатив, билимли, ўқимишли инсонлар қўлига топширишимиз керак.

Мадина ОЧИЛОВА
суҳбатлашди.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.