ЯГОНА СОЛИҚ ТЎЛОВИ ВА ҲИСОБ СИЁСАТИ ҲАҚИДА

Таҳририятимизга келиб тушган саволларга Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ўқитувчилари Қудратилла ИСЛОМОВ ва Фаррух ФАЙЗИЕВлар жавоб беришди.

Ягона солиқ тўласак бўладими?

– Фаолиятимизни 2019 йил май ойида бошлаганмиз, йил якуни бўйича жами даромадимиз 1350.0 минг сўмни ташкил қилади. Бизга МЧЖингиз ҚҚС ва фойда солиғини тўлайди дейишяпти. Бизнес режамиз бўйича 2020 йилдаги оборотимиз 1.0 млрд.дан ошмайди. Биз ягона солиқ тўласак бўладими?

– Биринчидан, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси бўйича ягона солиқ тўлови бекор бўлди ва унинг ўрнига айланмадан олинадиган солиқ жорий қилинди.Иккинчидан сизнинг корхонангиз 2020 йилда айланмадан олинадиган солиқни тўлаши мумкин. 2019 йилда тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган шахсларга, уларнинг умумий даромади 2019 йил охирига қадар бир миллиард сўмга тенг бўлган суммадан ошиб, 365 га бўлинган ва рўйхатга олинган кундан бошлаб 2019 йил охиригача кунлар сонига кўпайтирилади ва умумий даромад бир миллиарддан ошмаса айланмадан олинадиган солиқни тўлашлари мумкин. Сизнинг ҳолатингизда, 2019 йилдаги умумий даромадингиз 1350.0 минг сўм, бунда 1350.0 : 365 х 245 кун (1 майдан 31 декабргача) = 906164.0 сўм. Демак, корхонангизнинг умумий даромади бир 1.0 млрд.дан ошмаган ҳисобланади ва 2020 йилдан айланмадан олинадиган солиқни тўловчи бўлишингиз мумкин.

Ҳисоб сиёсати ҳақида

– Ҳисоб сиёсати нима? У меъёрий ҳужжатларда ўз аксини қандай топган?

– Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 77-моддасида “Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсати” деган янги норма киритилган.

Ҳисоб сиёсати тўғрисидаги биринчи бухгалтерия ҳисобининг стандарти 1971 йил Буюк Британияда, 1972 йилда эса АҚШда ишлаб чиқилган ва амалиётда қўлланилган.

Мамлакатимизда эса Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти 1-сонли БҲМС “Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот” 1998 йил 26 июлда тасдиқланиб, 1998 йил 24 августдан кучга кирган. 1-сонли БҲМСга 2012 йил 18 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 71-сонли буйруғига асосан ўзгартиш киритилди.

8-сонли Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартида (IAS-8) ҳисоб сиёсати қуйидагича эътироф этилган: “Ҳисоб сиёсати – бу ташкилотлар томонидан молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этишда қўлланиладиган аниқ тамойиллар, асослар, келишувлар, қоидалар ва амалиётлардир”.

Республикамизда бухгалтерия ҳисоби бўйича қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда хўжалик юритувчи субъектларда ҳисобни юритишни ташкил қилиш мақсадида “ҳисоб сиёсати”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси 1-сонли бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (БҲМС-1) “Ҳисоб сиёсати ва молиявий ҳисобот”да ҳисоб сиёсатига қуйидагича таъриф берилган: “Ҳисоб сиёсати деганда хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш учун қабул қиладиган усулларнинг йиғмаси тушунилади” (БҲМС-1, 1998).

Солиқ ҳисоби сиёсатининг услубий қисмида қуйидаги элементларга алоҳида эътибор бериш керак:

  • активлар ва мажбуриятларни баҳолаш методларига;
  • даромад ва харажатларни солиқ ҳисобида тан олишга;
  • амортизацияни ҳисоблаш методларига;
  • амортизация меъёрларини қўллашга;
  • захира (резерв)ни ташкил этишга;
  • солиқларни ҳисоблаш, тўлаш тартибларига;
  • солиқлар бўйича аванс тўловларини амалга ошириш тартибига;
  • солиқ ҳисоби аналитик регистрлари шаклига;
  • солиқ ҳисобида қўлланадиган ишчи счётлар режаси ва бошқаларга.

Солиқ ҳисоби сиёсатининг асосий таркибий элементи бўлиб ишчи счётлар режаси ҳисобланади. Солиқ ҳисобининг ишчи счётлар режаси хўжалик юритувчи субъект томонидан ўзининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда 21-БҲМСга асосан мустақил равишда ишлаб чиқилади.

Янги таҳрирда Солиқ кодексининг 77-моддаси моддани “Солиққа тортиш мақсадидаги ҳисоб сиёсати” деб номлашни ва қуйидаги таҳрирда киритишни таклиф қиламиз:

“Солиққа тортиш мақсадидаги ҳисоб сиёсати – бу хўжалик юритувчи субъект томонидан солиқ ҳисобини юритиш ва солиқ ҳисоботини тузиш учун танланган тамоиллар, қоидалар ва усуллар мажмуасидир.
Солиқ ҳисоби сиёсати хўжалик юритувчи субъектлар учун ички меъёрий ҳужжат бўлиб ҳисобланади”.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.