ЖАҲОННИНГ ЁШ ИҚТИСОДЧИЛАРИ — ТОШКЕНТГА КЕЛАДИ

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда Марказий Осиёда биринчи марта, йирик платформада халқаро иқтисодиёт ва бизнес конференциясини ташкил қилмоқда. Халқаро “Жаҳон иқтисодиёт ва бизнес” конференцияси жорий йилнинг 28-29-февраль ҳамда 1-март кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ўз келажагини бизнесда, катта компания директори, янги брендлар асосчиси ёки қарийб Президент билан бир хил маош оладиган иқтисодчи сифатида кўрган ёшлар конференцияда бемалол иштирок этишлари мумкин.

КОНФЕРЕНЦИЯ МАҚСАДИ

Халқаро “Жаҳон иқтисодиёт ва бизнес” конференциясини ўтказишдан мақсад ёшларни глобал миқёсдаги иқтисодий муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишга илҳомлантириш, Ўзбекистонда кучли салоҳиятли иқтисодчи ва бўлажак бизнесменларнинг қобилиятини юзага чиқариш.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”да назарда тутилган “Иқтисодиётни ривожлантириш” тамойилини олға суриш ва унда ёшлар ролини шакллантиришдир.

КОНФЕРЕНЦИЯ МЕҲМОНЛАРИ ҲАҚИДА

Анжуманда 400 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий делегатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Жаҳон Савдо Ташкилоти, Жаҳон Банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқтисодий-ижтимоий қўмитаси, Европа иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси симуляциясида иштирок этадилар.

Халқаро “Жаҳон иқтисодиёт ва бизнес” конференциясига Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасидан ташқари, бошқа мамлакатлар консуллиги ҳам омад тилаб хат йўлламоқда.

Жумладан, БМТнинг Афғонистондаги вакили Тадамичи Ямамото анжуманга юксак қизиқиш билдирди:

“Ўзбекистонда ташкил этилаётган халқаро иқтисодиёт ва бизнес анжуманига хат йўллаш менга чексиз мамнуният бағишлайди. Бу каби конференцияларда ёшларни бирлаштириш орқали 2030 йилгача барқарор ривожланиш дастурлари ижросини таъминлаш учун сизнинг анжуманингиз билан ҳамкорликда ишлашга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қизиқиш билдиради. Ушбу анжуман сизларга глобал муаммоларни ечишда ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг иш тамойилларини янада яхши тушунишга имконият яратади. Мен умид қиламанки, сиз бу анжуманда нафақат долзарб глобал муаммолар ҳақида фикр юритасиз, балки уларга инновацион ечим топиш имкониятига эга бўласиз. Халқаро “Жаҳон иқтисодиёт ва бизнес” конференцияси жамоасини табриклаган ҳолда шуни айтишим мумкинки, сизнинг анжуманингиз ёшларни БМТ ғояларига яқинлаштиради”.

Катта платформада ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро “Жаҳон иқтисодиёт ва бизнес” анжуманига Индонезия, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон давлатларидан Удит Малик, Фаҳаад Манзуор, Селсабила Джегҳар, Стив Рикк, Аҳмад Зиа Маяр каби тажрибали халқаро вакиллар ташриф буюради.

Ҳиндистонлик “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси”, ёш ҳуқуқшунос Удит Маликнинг Ўзбекистон ва халқаро “Жаҳон иқтисодиёти ва бизнес” конференцияси ҳақидаги фикрларини тингладик:

“Шу пайтгача 45 мамлакатда ўтказилган халқаро конференцияларда иштирок этганман, уларнинг ичида Афғонистон ва Судан каби давлатлар ҳам бор. Аммо Ўзбекистондаги конференцияда қатнашиш баҳона бу мамлакатни яқиндан таниш имкони бўлади, бу қизиқ. Шунингдек, Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи билан танишаман. Ўзбек иқтисодчилари билан фикр ва тажриба алмашиш имкони бўлади, бу яхши”.

Шунингдек, конференцияда “Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази” раҳбари Юлий Юсупов, “М-фактор” асосчиси Ҳасан Мамасаидов, “Энг ёш халқаро иқтисодчилар топ-100 талиги”дан ўрин эгаллаган Рауфхон Салахўжаев, “Ўзбек-Хитой савдо уйи” раҳбари Ҳикмат Абдураҳмонов каби мутахассислар делегатлар учун мастер-класс дарсларини ўтишади ҳамда давра суҳбатлари бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Шу каби анжуманлар доирасида илк бор дипломатик корпус вакиллари иштирокида “дипломатик балл” ташкил қилинади. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро “Жаҳон иқтисодиёт ва бизнес конференцияси” делегатларга махсус QR-кодли сертификат, “Tashkent city”га саёҳат мобайнида “Hilton” меҳмонхонасига ташриф, “Юлдузли меҳмон” шоусини ва албатта, унутилмас лаҳзалар ҳамда иқтисод ва бизнес борасида тажриба орттиришга кўмаклашишни ваъда қилади.

Мадина ОЧИЛОВА
тайёрлади.

 


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.