2020 йил жисмоний шахсларни солиққа тортишда қандай ўзгаришлар содир бўлди?

2019 йилда амал қилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари сақланиб қолинди:

а) Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган жисмоний шахслар:

  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг асосий ставкаси – 12 фоиз.
  • Дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадларга 5 фоиз миқдорида солиқ солинади;

б) Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган жисмоний шахслар учун:

  • дивиденд ва фоизлар – 10 фоиз;
  • халқаро юк ташишдаги транспорт хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлар (юк ташишдан олинадиган даромадлар) – 6 фоиз;
  • меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича олинган даромадлар, бошқа даромадлар – 20 фоиз.

Ҳисоботни тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китоби юридик шахслар томонидан ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай тақдим этилади.

Ҳисобланган солиқлар ҳисоботни тақдим этиш муддатидан, яъни 15 санадан кечиктирмасдан тўланиши лозим (СК 389 ва 390-моддалари).

Шу жумладан, ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобланган жисмоний шахсларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий ойлик бадаллар суммасига камайтирилади.

Жорий йилда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадаллар ставкаси ўзгаришсиз 0,1 фоиз миқдорида сақланиб қолинди (2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сон Қарорнинг 5-банди).

Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари бўлган, ходимлари 25 нафардан ортиқ бўлган алоҳида бўлинмаларга ва (ёки) филиалларга эга солиқ агентлари, бундан йирик солиқ тўловчилар мустасно, ушбу алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ходимларига нисбатан мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган солиқ ҳисоботини – алоҳида бўлинмалар ва (ёки) филиаллар ҳисобда турган жойдаги солиқ органига тақдим этиши белгиланди (СК 389-моддаси).

Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан солиқ ҳисоботи шаклига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.


Даромадлар таркиби ҳамда имтиёзларни қўллашдаги ўзгаришлар

Эндиликда пенсия, стипендия, ижтимоий нафақа, алимент ва бошқа шунга ўхшаш даромадлар жисмоний шахсларнинг жами даромади таркибига киритилмайди. Яъни, жисмоний шахсларга бундай даромадларни тўлаб бераётган юридик шахс ушбу даромадларни ҳисоботда акс эттириши шарт эмас (СК 369-моддасининг биринчи қисми).

Бундан ташқари, жисмоний шахс томонидан турли дастурлар доирасида иштирок этиши натижасида юридик шахслардан банк ҳисобварағига олинган пул маблағлари ва нақд пул кўринишидаги даромадлар солиқ тўловчининг даромади ҳисобланмаслиги бўйича меъёр киритилди.

Бундай даромадларга мисол сифатида мижозларни жалб этиш мақсадида интернет-савдо, банк соҳаларида ва бошқа дастурлар натижасида нақд пул маблағларининг қайтариб берилиши (кэшбэк), шунингдек, алоқа компаниялари томонидан тақдим этиладиган турли бонусларни олиш мумкин.

Бунда қуйидаги ҳолларда ушбу даромадлар солиқ тўловчининг жами даромадига қўшилади:

  • солиқ тўловчининг ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган дастурларда иштирок этиши очиқ оферта шартларисиз амалга оширилганда;
  • солиқ тўловчи ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган мамлакатимиздаги ва чет эл ташкилотларининг дастурларига, уларда акцепт муддати ўттиз кундан кам ва (ёки) уларда оммавий офертани муддатидан олдин чақириб олиш имконияти назарда тутилган шартлар асосидаги очиқ офертага қўшилганда;
  • ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотчи билан лавозим мажбуриятларини бажаришда меҳнат муносабатларида бўлган, шунингдек солиқ тўловчи томонидан товарлар етказиб берганлик (ишлар бажарганлик, хизматлар кўрсатганлик) учун ҳақ (мукофот) ёки моддий ёрдам сифатидаги тўлов шаклидаги даромад тўланганда (СК 369-моддасининг 14-банди).

Ипотека кредитларини қоплашга йўналтириладиган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан имтиёз, агар ипотека шартномаси:

  1. 2020 йилга қадар эски таҳрирдаги Солиқ кодекси 179-моддасининг 30-бандига асосан расмийлаштирилган бўлса, 2020 йилнинг 1 апрелига қадар амал қилади;
  2. 2020 йилнинг 1 январигача қабул Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган Дастурлар доирасида расмийлаштирилган бўлса, амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади;
  3. 2020 йилда расмийлаштириладиган бошқа ипотека шартномаларига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 378-моддасининг 16-бандида назарда тутилган қуйидаги мезонларга асосан тақдим этилади:
    • агар ипотека кредити бўйича олинган уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 300 миллион сўмдан ошмаса;
    • агар иш ҳақи ва бошқа даромадлар солиқ даври давомида жами 15 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга йўналтирилса;
    • агар дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидияларни ҳисобга олган ҳолда олинган бўлса.

Ўттиз олти календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар-жойларни сотишдан олинган даромадлар 2020 йил 1 апрелдан сўнг тузилган битимлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилади, 2020 йил 1 апрелга қадар тузилган битимлардан олинган даромадлар эса эски таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан солиққа тортилади.

Солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида ўзининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиш йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади (СК 378-моддасининг 16-банди).

Солиқлар суммаси ва меҳнат ҳақининг энг кам миқдорини аниқлашда ишлатиладиган базавий ҳисоблаш миқдори кўрсаткичининг жорий этилиши муносабати билан энг кам иш ҳақининг бир каррали миқдорларида белгиланган имтиёзлар мос равишда базавий ҳисоблаш миқдори ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига қайта кўриб чиқилади.

Агар йил давомида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўзгарса, солиқ даври ва ҳисобот ойи учун каррали миқдорда кўзда тутилган имтиёзлар миқдори ҳам қайта кўриб чиқилади.


2020 йилдан бекор бўлган имтиёзлар

  • Хусусий корхона мулкдори, оилавий корхона иштирокчиси ҳамда фермер хўжалиги бошлиғи ихтиёрида қоладиган фойда суммаси;
  • меҳнат шартномаси бекор қилинганда энг кам иш ҳақининг ўн икки баравари миқдорида тўланадиган таътил нафақаси;
  • акциядорлик жамиятлари чет эллик ходимларининг бошқарув ходими сифатида ўз фаолиятидан олган даромадлари.

Ойбек АЗИМБАЕВ,
Давлат солиқ қўмитаси
Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бошқармаси
давлат солиқ бош инспектори.


TELEGRAM: 👉https://t.me/soliq_plus

🔰FACEBOOK: https://fb.com/Soliqplusuz



Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
Условия использования материалов: Все права защищены законами Республики Узбекистан о средствах массовой информации и об авторском праве и смежных правах.

1) Необходимо поставить голубой линк к слову «Soliq plus / Налоги плюс» и направить на наш телеграм канал https://t.me/soliq_plus
2) Неосведомленность об этих правилах не освобождает от ответственности, зафиксированной в соответствующих законодательных актах.